Jurnal haqida

Журнал хақида

“Фан ва технологиялар тараққиёти” илмий-техникавий журнали ҳақида маълумот
   Бухоро муҳандислик-технология институти илмий кенгашининг қарори билан “Фан ва технологиялар тараққиёти” илмий-техникавий журнали ташкил этилиб, унинг низоми Институт илмий кенгашининг 2014 йил 30 августдаги 4-сонли йиғилиш баёни билан  тасдиқланган. Журнал 2015 йилдан бошлаб чоп этиб келинмоқда.
“Фан ва технологиялар тараққиёти” журнали оммавий ахборот воситаси сифатида 22.09.2014 санасида 05–066 рақам билан “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги” томонидан рўйхатдан ўтказилиб, тегишли гувоҳнома олинган (гувоҳнома илова қилинади). Муассис – Бухоро муҳандислик-технология институти бўлиб ҳисобланади.
“Фан ва технологиялар тараққиёти” илмий-техникавий журнали 2017 йилдан ОАК Раёсатининг 2017 йил 29 мартдаги №239/5-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.
“Халқаро стандарт туркум рақами” давлатлараро стандартлар талаблари асосида бўлишини тўлиқ таъминлаш мақсадида, тегишли ҳужжатлар тайёрланиб тақдим этилгач, “Фан ва технологиялар тараққиёти” илмий-техник журналига  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон  Миллий  кутубхонаси  томонидан 2015 йил 13-мартдаги № S/13-сонли ҳисоб-китоб шартномасига асосан  “Сериал нашрнинг Халқаро стандарт рақами” – ISSN 1281-8193 берилган ва у ҳар йили қайтадан рўйхатдан ўтказилади. Шунингдек,  ушбу стандарт рақами асосида журналга тегишли штрих-код берилган.
“Матбуот тарқатувчи” очиқ аксиядорлик компанияси томонидан 25 апрел 2015 йилда журналга 3066 рақамли обуна индекси тақдим этилган бўлиб, журнал муштарийларга обуна асосида тарқатилади.
Журнал илмий-техникавий ва технологик соҳа йўналишларига ихтисослашган бўлиб, унда қуйидаги асосий рукнлар бўйича илмий мақолалар чоп этиб келинмоқда:
  • техника, технология ва жиҳозлар;
  • кимё ва кимёвий технологиялар;
  • машинасозлик ва энергетика;
  • информатика ва ахборот-коммуникацион тизимлар;
  • озиқ-овқат саноати технологиялари;
  • тўқимачилик ва енгил саноат технологиялари;
  • аниқ ва ижтимоий-иқтисодий фанлар.
Ҳар бир рукнга тегишли илмий мақолаларни ички экспертизадан ўтказиш учун экспертлар гуруҳлари тузилган бўлиб, мақолаларнинг илмийлиги, янгилиги, келтирилган маълумотларнинг долзарблиги ва ҳаққонийлиги улар томонидан холисона баҳоланиб борилади.
Журнал 2015 йил январ ойидан бошлаб нашр қилинган, даврийлиги – йилида 4 марта бўлган. 2020 йилдан бошлаб, журнал йилида 6 марта чиқа бошлади.
Журналда ўзбек, рус ва инглиз тилидаги мақолалар эълон қилинади.
Журналда институтимиз, республикамиздаги бошқа олий ўқув юртлари, ЎзР ФА олимларининг мақолалари, шунингдек Россия, Болгария, Қозоғистон, Белоруссия каби давлатлардан чет эллик олимларнинг мақолалари журнал саҳифаларида эълон қилиниб келинмоқда.
Журналнинг электрон варианти тўлалигича Бухоро муҳандислик-технология институтининг http://journal.bmti.uz сайтига жойлаштириб борилади.
Мақолаларни интерфаол усулда қабул қилиш ва муаллифлар билан мулоқот қилиш учун “Фан ва технологиялар тараққиёти” илмий-техникавий журналининг fantt_jurnal@umail.uz электрон почта манзили хизмат қилади.
Чоп этиладиган илмий мақолалар қуйидаги талабларга жавоб беради:
  • ўзбек, рус ва инглиз тилларида қисқача аннотациялар берилади;
  • ўзбек, рус ва инглиз тилларида таянч сўзлар мавжуд;
  • фойдаланилган асосий адабиётлар рўйхати мавжуд, мақолалар ҳажми 5 бетдан кам бўлмаслиги нашр шартларида кўрсатилган;
  • қўйилган муаммо назарий-илмий ва техник-технологик жиҳатдан пухта, манбалар ишончли, хулоса, таклиф ва тавсиялар асосли бўлиб, қатъий тақриздан сўнг нашрга тавсия қилинади.
Бухоро муҳандислик-технология институти раҳбарияти ва “Фан ва технологиялар тараққиёти”  журналининг таҳририяти томонидан журнални “Digital Commons” платформаси негизида ташкил этилган “Uzbekistan Research Online” электрон порталига киритиш бўйича дастлабки келишувлар амалга оширилган ва талаб этиладиган барча ҳужжатлар тақдим этилган.
Ҳозирги кунда “Фан ва технологиялар тараққиёти” илмий-техникавий журналининг нуфузини ошириш, уни Web of Science, Scopus ва Science Direct ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базаларида қайд қилинган журналлар  қаторига олиб чиқиш асосий мақсад қилиб қўйилган.
Scroll to top